Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Қонун лойиҳаси интеллектуал мулк муомаласини кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 05.08.2026 · 10:50 · 26 views
Қонун лойиҳаси интеллектуал мулк муомаласини кенгайтиради
Қонун лойиҳаси интеллектуал мулк муомаласини кенгайтиради / Фото: Олий Мажлис Сенати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда интеллектуал мулк объектларининг фуқаролик муомаласидаги айланмасини ошириш ҳамда патент вакилларининг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ушбу ҳужжат мамлакатда интеллектуал мулк соҳасида кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада ошириш, интеллектуал мулк объектларини фаол фуқаролик муомаласига киритиш, патент вакилларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан интеллектуал мулк гаровида унга доир мулкий ҳуқуқларнинг бекор қилиниши ёки қийматининг пасайиши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар аниқ тартибга солинмоқда. Қолаверса, патент вакилларининг эса интеллектуал мулкка оид ишлар бўйича судларда шартнома асосида (ихтиёрий) вакил сифатида иштирок этиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳужжат билан давлат хизматлари марказлари орқали интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топшириш имконияти ҳам яратилмоқда. Бу эса интеллектуал мулкни рўйхатдан ўтказиш жараёнини аҳоли, тадбиркорлар учун содда ва қулай қилишга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ва зарурати юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини беришди. Шунингдек, айрим нормалар юзасидан аниқлаштирувчи саволлар ўртага ташланди. Қонун ташаббускорлари кўтарилган масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб ўтишди.

Мажлисда лойиҳа билан қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштиришга, уларнинг мулкий ҳуқуқларидан гаров сифатида фойдаланиш имкониятларини оширишга қаратилгани қайд этилди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.