Жиззахда ФВБ ходими пора билан қўлга олинди

Жиззахда ФВБ ходими пора билан қўлга олинди

Жиззахда ФВБ ходими пора билан қўлга олинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах вилоятида туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари пора олишда гумон қилиниб қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати маълум қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, гап Мирзачўл тумани фавқулодда вазиятлар бўлими мансабдор шахси ҳақида кетмоқда. У овқатланиш шохобчаларидан бирида ўтказилган текширув давомида ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилганини аниқлаб, тегишли маъмурий баённома расмийлаштирган.

Текширув натижасида, фаолиятни тўхтатиш чорасини кўрмаслик ва иш материалларини судга юбормаслик эвазига у кафе раҳбаридан 3 миллион сўм миқдорида пул талаб қилгани аниқланган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гумонланувчи талаб қилинган маблағни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг