Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Жаҳон банки ва УНИСEФ ижтимоий хизматларнинг ривожланишини баҳоладилар

UzDaily таҳририяти · 29.07.2026 · 20:15 · 29 views
Жаҳон банки ва УНИСEФ ижтимоий хизматларнинг ривожланишини баҳоладилар
Жаҳон банки ва УНИСEФ ижтимоий хизматларнинг ривожланишини баҳоладилар / Фото: Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Жаҳон банки, ЮНИСEФ ҳамда жалб қилинган “Oxford Policy Management” (OPM) консультантлари, шунингдек Агентликнинг тегишли таркибий бўлинмалари иштирокида учрашув ташкил этилди.

Учрашув Агентлик ва жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «INON» лойиҳаси доирасида Агентлик ва ЮНИСEФ ўртасида имзоланган келишувга асосан ўтказилди. Ушбу келишувга кўра, ОPM консультантлари қуйидаги икки йўналишда ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган:

Болалар ва оилалар учун ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжни баҳолаш ҳамда лойиҳа доирасида асосий ижтимоий хизматларни консептуаллаштириш;

Кейс-менежмент жараёнларини ижтимоий хатарлар, мижоз йўли ва хизмат кўрсатиш сифати нуқтайи назаридан таҳлил қилиш ҳамда маҳалла даражасидаги ижтимоий иш механизмларини такомиллаштириш.

Учрашув давомида томонлар ҳар икки йўналиш бўйича баҳолаш натижаларини, кейс-менежмент ишларини, аҳолининг турли гуруҳлари эҳтиёжларини аниқлаш ва баҳолаш тартибларини, шунингдек Агентлик бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларни ягона тизимга интеграциялаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Мазкур ҳамкорликнинг асосий мақсади — халқаро тажриба асосида маҳалла даражасидаги ижтимоий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, шу орқали ҳар бир эҳтиёжманд оилага манзилли кўмак етказишни таъминлашдир.