Ўзбекистон ва Қирғизистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Қирғизистон бизнес-форуми икки мамлакат ўртасидаги аграр ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев бошчилигидаги делегация иштирок этган мазкур тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, илм-фан ва инвестициялар соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.
Бизнес-форум доирасида ўтказилган “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида кооперацияни ривожлантириш” мавзусидаги панель сессиясида уруғчилик, картошкачилик, шоличилик, замонавий агротехнологиялар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форумнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда “Қирғиз Агрохолдинг” ўртасида уруғчилик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Қирғизистоннинг К. К. Азиков номидаги деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишув имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар юқори сифатли уруғлик материаллари алмашинувини кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, янги навларни синовдан ўтказиш ҳамда мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш учун мустаҳкам асос яратади.
Форум якунида ташкил этилган B2B учрашувлари эса икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида янги шериклик алоқаларини ўрнатиш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим майдонга айланди. Бу эса Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасининг аграр соҳадаги стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.