Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Қува туманида етиштирилган анорлар хорижий бозорларда ўз ўрнини кенгайтиришда давом этмоқда. Бошланган экспорт мавсуми доирасида маҳсулотнинг навбатдаги партияси Жанубий Кореяга жўнатилди.
Яқинда «Rich Farm Ekspo» МЧЖ томонидан 9 тонна қува анори экспорт қилинди. Айни пайтда маҳсулот Жанубий Кореянинг йирик савдо дўконларида сотувга чиқарилган.
Қува туманида анор етиштириш бўйича кўп йиллик тажриба ва уни етиштириш анъаналари шаклланган. Маҳаллий маҳсулот ўзининг таъми, ташқи кўриниши ва сифати билан харидорлар талабига эга.
Айни пайтда туманда анорнинг эртапишар навлари пишиб етилмоқда ва бу экспорт мавсумининг бошланганини англатади. Маҳсулотни саралаш, қадоқлаш ва хорижий харидорларга сифатли етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Анор етиштиришни ривожлантириш туман иқтисодиёти ўсишининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Соҳа аҳоли бандлигини таъминлаш, хонадонлар даромадларини ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Маҳсулотнинг Жанубий Кореяга етказиб берилиши қувалик боғбонлар учун хорижий бозорларга чиқишнинг янги имкониятларини очиб, маҳаллий анорларнинг халқаро бозорда рақобатбардош эканини намойиш этмоқда.