Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев Германиянинг Prosica GmbH компанияси катта маслаҳатчиси Транг До бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Томонлар Фарғона вилояти ва Германия компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири вилоят ёшларига немис тилини ўргатиш ҳамда уларни Германияда хавфсиз ва кафолатланган тарзда ишга жойлаштириш тизимини яратиш бўлди.
Шунингдек, учрашув иштирокчилари халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий автошкола ташкил этиш, спортни, хусусан, футболни ривожлантириш ва тажриба алмашиш масалаларини кўриб чиқди.
Алоҳида эътибор юқоридаги йўналишларда Германия тажрибасини Фарғона вилоятида қўллаш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш масалаларига қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қизиқиш билдирдилар.