Иқтисод

Испания делегацияси Тошкент вилоятидаги иссиқхона ва интенсив боғни бориб кўрди

Испания делегацияси Тошкент вилоятидаги иссиқхона ва интенсив боғни бориб кўрди
Испания делегацияси Тошкент вилоятидаги иссиқхона ва интенсив боғни бориб кўрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Испания делегацияси Тошкент вилоятидаги иссиқхона мажмуаси ва интенсив боғ билан танишди / Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Испания бизнес-форуми доирасида Испания делегацияси Тошкент вилоятидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарига ташриф буюриб, сабзавот, мева ва манзарали ўсимликларни етиштиришнинг замонавий технологиялари билан танишди.

Дастурнинг биринчи манзили Тошкент туманида жойлашган «Agrohouse» МЧЖ иссиқхонаси бўлди. Мажмуа 7 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда помидор, бодринг, булғор қалампири ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари кўчатлари, шунингдек, манзарали гулларнинг турли навлари етиштирилади.

Делегация вакилларига ишлаб чиқариш жараёнининг ташкил этилиши, иссиқхона хўжалигининг қувватлари, қўлланилаётган етиштириш технологиялари ва корхонадаги меҳнат шароитлари ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Юқори Чирчиқ туманида жойлашган «Eko Agro Product» МЧЖнинг интенсив боғ мажмуасига ташриф буюрди. Унинг умумий майдони 140 гектарни ташкил этади.

Хўжалик ҳудудида 91 гектар майдонда олма, 25 гектарда нок ва 11 гектарда шафтоли етиштирилади. Яна 4 гектардан майдон ўрик ва олхўри етиштириш учун ажратилган.

Ташриф давомида боғнинг бутун ҳудуди бўйлаб ўрнатилган томчилатиб суғориш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу тизим сувни бевосита ўсимликларга етказиб бериш имконини беради ва сув ресурсларидан янада оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, мажмуа ҳудудида ҳосилни сақлаш учун омборхоналар ва совуткич камералари ҳам ташкил этилган.

Ташриф давомида Испания вакиллари Ўзбекистонда иссиқхона хўжалиги ва интенсив боғдорчиликни ривожлантириш амалиёти, шунингдек, замонавий агротехнологияларни жорий этиш тажрибаси билан танишди. Томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ҳам кўриб чиқди.

 

 

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.