Спорт

Исмоил Аҳмедхўжаев Спа-Франкоршам трассасида ғолиб бўлди

Исмоил Аҳмедхўжаев Спа-Франкоршам трассасида ғолиб бўлди
Исмоил Аҳмедхўжаев Спа-Франкоршам трассасида ғолиб бўлди / Фото: «Ўзавтосаноат» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик автопойгачи Исмоил Аҳмедхўжаев Бельгиядаги Спа-Франкоршам трассасида бўлиб ўтган Ultimate Cup Series халқаро сериясининг тўртинчи босқичида Ultimate GT Sprint Cup категориясида ғолибликни қўлга киритди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АЖ хабар берди.

Аҳмедхўжаев Rossa Racing жамоаси таркибида Роман Русинов билан бирга Rossa LM GT автомобилида иштирок этди. Квалификация натижаларига кўра, экипаж икки марта пол-позицияни қўлга киритди.

Пойга ҳафталиги давомида Rossa Racing жамоаси икки марта шоҳсупага кўтарилди. Ушбу натижалардан бири Аҳмедхўжаевга афсонавий Бельгия трассасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасини эгаллаш имконини берди.

«Спа — жуда техник трасса, бу ерда ҳар бир давра тўлиқ диққат-эътиборни талаб қилади, айниқса об-ҳаво доимий равишда ўзгариб турган пайтда.

Шунинг учун айнан шу ерда, жаҳон автоспортининг энг машҳур трассаларидан бирида шоҳсупанинг юқори поғонасида туриш ва Ўзбекистонни шундай даражада намоён этиш айниқса ёқимли. Бутун жамоага меҳнати учун ва Ромага ушбу пойга ҳафталиги учун раҳмат», — деди Исмоил Аҳмедхўжаев.

Ўзбекистонлик пилотнинг халқаро майдондаги иштироки «Ўзавтосаноат» АЖ кўмагида, мамлакатда автоспортни ривожлантириш ва Ўзбекистонни халқаро мусобақаларда намоён этишга кўмаклашиш доирасида амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Роман Русинов — Исмоил Аҳмедхўжаев экипажи Ultimate Cup Series’нинг Италиянинг Муджелло шаҳридаги Европа босқичида ҳам иштирок этган.

Ultimate Cup Series — босқичлари Европа автодромларида ўтказиладиган халқаро пойга сериясидир.

Унинг доирасида GT, прототиплар ва формула автомобиллари категорияларида мусобақалар ўтказилади. Ultimate GT Sprint Cup қисқа спринтерлик пойгаларини ўз ичига олади, бунда тезлик, барқарорлик ва автомобилни аниқ бошқариш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.