Индонезия парламенти делегатсияси Бухоро ва Самарқандга ташриф буюрди
Индонезия парламенти делегатсияси Бухоро ва Самарқандга ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Индонезия Республикаси Халқ маслаҳати кенгаши Раиси Аҳмад Музани бошчилигидаги парламент делегацияси мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги тарихий-маданий обидалар ҳамда муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.
Бухорода делегация Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси, Пойи Калон мажмуаси, Лаби Ҳовуз ансамбли ва қадимий ҳунармандчилик расталари билан танишди. Меҳмонларга ушбу тарихий обидалар, уларни асраб-авайлаш ва қайта тиклаш бўйича амалга оширилган ишлар, шунингдек, миллий ҳунармандчилик анъаналари ҳақида маълумот берилди.
Аҳмад Музани Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, меъморий ёдгорликлари асл қиёфасида сақлаб қолинганини юқори баҳолаб, шаҳарнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Делегация Самарқанд шаҳридаги тарихий ва маданий мерос объектлари билан ҳам танишди. Меҳмонлар мамлакатимизда тарихий обидаларни асраб-авайлаш, миллий меросни кенг тарғиб этиш ва туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Шунингдек, меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриб, марказ фаолияти билан танишди ҳамда вилоят диний уламолари билан учрашув ўтказди. Учрашувда маънавий-маърифий ҳамкорлик ва бағрикенглик ғояларини тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди.