Тошкентда 1 сентябрь олдидан «Мактаб бозорлари» очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда «Мактаб бозорлари» иш бошлади. Уларда шаҳар аҳолиси янги ўқув йили бошланиши олдидан ўқувчилар учун зарур бўлган канцелярия буюмлари, дарсликлар ва бошқа товарларни харид қилиши мумкин.
«Мактаб бозорлари» умумтаълим мактаблари, деҳқон бозорлари ва шаҳар савдо мажмуаларида ташкил этилган. Жумладан, уларнинг иши билан «Ўрикзор» савдо мажмуаси ва «Фарҳод» деҳқон бозоридаги савдо майдончаларида танишиш мумкин.
Савдо майдончалари, шунингдек, «Авиасозлар», «Аския», «Чилонзор», «Мирабод», «Наврўз», «Сергели», «Фарҳод», «Эски Жува», «Юнусобод» ва «Қорақамиш» озиқ-овқат бозорларида ҳам ишламоқда.
«Авиасозлар» бозорида «Мактаб бозори» автотураргоҳ ҳудудидаги майдончаларда жойлашган. «Аския» бозорида савдо жойлари Шота Руставели кўчаси томонидан кириш қисми ўнг тарафида ҳамда орқа кириш қисми ҳудудида ташкил этилган.
«Чилонзор» бозори ҳудудида ярмарка Бунёдкор ва Фарҳод кўчалари кесишмасида, автотураргоҳда, шунингдек, 3-мавзедаги «Катта Чилонзор-3» МСГ ҳудудида, 55-б уйда ишламоқда. «Мирабод» бозорида савдо жойлари Авлиёота кўчасида, «Мирабод озиқ-овқат бозори» АЖ кириш қисми ёнида жойлашган.
«Наврўз» бозоридаги «Мактаб бозори» асосий бозор ҳудудида ташкил этилган. «Сергели» бозорлари ҳудудида савдо майдончалари Сергели-6, Сергели-7 ва Сергели-2 мавзеларида, Сергели-4 мавзеси ерости ўтиш йўли ёнида, Сергели-1 филиалида ҳамда Қўйлиқ-5 мавзесидаги асосий бозорлар атрофида ишламоқда.
«Фарҳод» бозорида савдо жойлари Фарҳод кўчаси, 30-уй манзилида, ярмарканинг орқа қисмида, Фарҳод кўчаси томонидан асосий кириш дарвозалари ёнида, шунингдек, Фарҳод кўчаси — G9a ҳудудида жойлашган.
«Эски Жува» бозори ҳудудида «Мактаб бозори» катта саккиз қиррали зинапоя этагида, шунингдек, ТИМ-1, ТИМ-2 ва очиқ метро ҳудудларида ишламоқда. «Юнусобод озиқ-овқат бозори» АЖ ҳудудида ҳам ярмарка бевосита бозорнинг ўзида ташкил этилган.
«Тансикбоев» филиалида «Қорақамиш» бозорининг «Мактаб бозори» фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, «Чилонзор», «Чорсу» ва «Ўрикзор» савдо мажмуаларида ҳам савдо майдончалари ташкил этилган.
«Чилонзор»да улар савдо мажмуаси ҳудудида, «Чорсу»да асосий кириш қисми ёнида ва ДМ-74 ҳудудида, «Ўрикзор»да эса асосий кириш дарвозаларининг чап томонида жойлашган.