Ўзбекистон ва Дания фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини тартибга солишни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ, Дания Дори воситалари агентлиги (Даниш Медисинес Агенсй — ДКМА) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Швеция Қироллигидаги Элчихонаси вакиллари иштирокида видеоконференсалоқа бўлиб ўтди. Мулоқот Ўзбекистон фармацевтика регуляторлик тизимини халқаро илғор тажриба асосида янада такомиллаштириш, Европа давлатларининг ваколатли регулятор органлари билан профессионал алоқаларни ривожлантириш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини белгилашга қаратилди.
Учрашув аввалида Дания томонига «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази»нинг фаолияти, ваколатлари ва асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва экспертизадан ўтказиш, фармаконазорат, дори воситалари сифатини назорат қилиш, лаборатория фаолияти, шунингдек, фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Томонлар, шунингдек, замонавий фармацевтика регуляторлиги тизимида халқаро стандарт ва илғор ёндашувларнинг аҳамияти, регулятор органлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда мутахассисларнинг касбий салоҳиятини мунтазам ошириб бориш масалаларини муҳокама қилди.
Маълумот учун: Дания Дори воситалари агентлиги (ДКМА) Данияда дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш, фармацевтика компанияларини лицензиялаш ва инспекциядан ўтказиш, фармаконазорат, клиник тадқиқотлар ҳамда тиббий буюмлар хавфсизлигини назорат қилиш каби йўналишларда фаолият юритади.
ДКМА Европа фармацевтика регуляторлик тизимининг фаол иштирокчиларидан бири сифатида Европа дори воситалари агентлиги (ЭМА)нинг тегишли қўмиталари ва ишчи гуруҳлари фаолиятида иштирок этади. Агентлик халқаро ва икки томонлама регуляторлик ҳамкорлигини ривожлантириш, илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда фармацевтика соҳасидаги замонавий ёндашувларни ривожлантиришни муҳим стратегик йўналишлардан бири сифатида белгилаган.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Дания ўртасида фармацевтика регуляторлиги соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, экспертлар ўртасида тўғридан-тўғри профессионал мулоқотни йўлга қўйиш, регуляторлик амалиёти бўйича тажриба алмашиш, ўқув-семинарлар ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш, шунингдек, соҳавий мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.