Фарғона вилояти Малайзия бозорига экспортни кенгайтирди
Фарғона вилояти Малайзия бозорига экспортни кенгайтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти делегацияси ҳоким Хайрулло Бозоров бошчилигида Куала-Лумпурга амалга оширилган расмий ташрифни якунлади. Ташриф якунларига кўра қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва қурилиш соҳаларида қатор келишувларга эришилди. Шу билан бирга, илк бор Фарғона ўриклари ва шафтолиси Малайзия бозорига етказиб берилди.
Малайзия қишлоқ хўжалиги вазири билан учрашув
Ташриф доирасида Хайрулло Бозоров Малайзиянинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Мохамад бин Сабу ҳамда йирик компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Вазир Мохамад бин Сабу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Малайзиянинг «BDI», «FAMA Corp.» ва «NAFAS» компаниялари Фарғона вилоятидан экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирди. Шунингдек, Куала-Лумпурда минтақанинг савдо-логистика марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Фарғонадан Малайзияга илк мева экспорт партияси
Ташрифнинг амалий натижаси сифатида Фарғона мева маҳсулотларининг Малайзияга илк экспорт партияси жўнатилди. Гилос, шунингдек биринчи марта ўрик ва шафтоли ҳаво транспорти орқали Куала-Лумпурга етказилди.
Ушбу ташаббус Малайзияда март ойида очилган «Фарғона» савдо уйи ҳамда «Quva Agrostar» ва «KK24» корхоналари билан ҳамкорликда амалга оширилди. Маҳсулотлар Малайзия бозори талаб ва стандартларига мувофиқ тайёрланган.
Ҳоким Бозоров ушбу етказиб бериш икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлаб, экспорт ҳажмини ошириш, ассортиментни кенгайтириш ва барқарор логистика тизимини шакллантириш вазифасини қўйди.
Туризм ва инвестиция бўйича музокаралар
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида «Aero Art Sendirian Berhad» ва «Spora Global Sdn Bhd» компаниялари раҳбари Датук Мохамад Азри Абдул Рахман билан учрашув ўтказилди.
Томонлар туризм, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги экспорти соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқди. Малайзия томонига минтақа инвестиция салоҳияти тақдим этилди.
Музокаралар якунида аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Гемодиализ марказлари бўйича меморандум
Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири сифатида «Orion Consortium Sdn. Bhd.» малайзия компанияси билан Фарғона вилоятида замонавий гемодиализ марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.
Компания Малайзияда 40 та диализ марказини бошқаради ҳамда гемодиализ, фармацевтика ва бирламчи тиббий ёрдам соҳаларида фаолият юритади. Лойиҳа буйрак касаллигига чалинган беморлар учун халқаро стандартларга мос марказлар қуришни назарда тутади.
Юртдошлар билан учрашув
Ташриф давомида Ҳайрулло Бозоров Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Қаромиддин Ғадоев иштирокида малайзиялик компанияларда ишлаётган ўзбек талабалари ва мутахассислари билан учрашди.
Ҳудуд раҳбари ёшлар учун IT, молия, инновация ва муҳандислик соҳаларида таълим олиш ва касбий имкониятлар кенгайиб бораётганини таъкидлаб, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва доимий мулоқотни сақлашга тайёр эканини билдирди.