Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғона вилояти Ироқ билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда

UzDaily · 18.06.2026 · 16:50 · 23 views
Фарғона вилояти Ироқ билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда

Фарғона вилояти Ироқ билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси ҳам фаол қатнашмоқда.

Форум доирасида қатор расмий учрашувлар ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ироқ Республикаси Савдо вазири Мустафа Назар Жумаа билан учрашди. 

Учрашувда Ўзбекистоннинг Ироқдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аюбхон Юнусов ҳам иштирок этди.

Мулоқот аввалида вилоят ҳокими форум доирасида ташкил этилган учрашув учун миннатдорлик билдириб, мазкур мулоқот Фарғона вилояти ва Ироқ ҳудудлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида савдо-иқтисодий, таълим ва маданий соҳалардаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилиб, мазкур йўналишларда Фарғона вилоятининг имконияти катталиги таъкидланди.

Фарғонада қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида юқори салоҳият шакллангани маълум қилинди.

Мулоқотда ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро ташрифлар дастурини ишлаб чиқиш, “биродарлашган ҳудудлар” механизмини йўлга қўйиш ва тегишли келишувларни имзолаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Фарғоналик тадбиркорлар томонидан Ироқ билан нефт-газ, тўқимачилик, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Шунингдек, Ироққа Фарғона вилоятининг экспорт ва инвестиция салоҳиятини намойиш этиш мақсадида тадбиркорлар делегациясини юбориш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Ироқ Республикаси Савдо вазири Мустафа Назар учрашувдан мамнунлигини билдириб, Фарғона вилояти билан ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Мозори Шарифда Фарғона савдо уйини ташкил этиш ташаббуси, барча соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Ироқ томони Фарғона вилоятидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида фаолият юритувчи тадбиркорлар делегациясини қабул қилиш, делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган айрим саноат маҳсулотларини Ироқ ҳудудида ишлаб чиқариш имкониятларини биргаликда ўрганишга қизиқиш билдирди.

Учрашув якунида делегациялар ташрифини ташкиллаш таклифлари билдирилди.

Мулоқот икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда дастлабки қадам бўлиши, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар қисқа муддатларда амалий натижалар бериши таъкидланди.

UzDaily · 👁 23 views · 18.06.2026 · 16:50