Фарғона вилояти Indoramа компанияси билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Фарғона вилояти Indoramа компанияси билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Сингапурнинг йирик “Indorama Corporation Pte. Ltd.” компанияси раиси ўринбосари Амит Лоҳия билан бўлиб ўтган учрашувида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва истиқболли инвестициявий лойиҳаларни кенгайтириш масалалари хусусида сўз юритилди.
Вилоят раҳбари “Indorama” компаниясининг Фарғона иқтисодиёти ривожидаги ўрнини алоҳида қайд этди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва энг муҳими, аҳоли учун барқарор, юқори даромадли янги иш ўринлари яратиш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади.
Сингапурнинг “Indorama” компанияси бугунги кунда жаҳоннинг етакчи саноат холдингларидан бири бўлиб, тўқимачилик, кимё ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш соҳаларида 40 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритмоқда.
Компания Ўзбекистонда ҳам йирик инвестор сифатида кимё, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида қатор муҳим лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
2011 йилда Қўқон шаҳрида “Indorama Kokand Textile” корхонаси ишга туширилиб, замонавий тўқимачилик ишлаб чиқариши йўлга қўйилди. 2019 йилда эса собиқ “Қўқон суперфосфат заводи” базасида “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” корхонаси фаолияти бошланди.
Компания томонидан шу кунга қадар тўқимачилик соҳасига 164 миллион доллар, минерал ўғит ишлаб чиқаришга 80 миллион доллар, жами 244 миллион доллар инвестиция киритилди. Икки мингга яқин иш ўринлари яратилди.