Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғона ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

UzDaily · 18.06.2026 · 16:40 · 25 views
Фарғона ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

Фарғона ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси Сайид Муҳаммад Карим Ҳошимий билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ва савдо-иқтисодий алоқалар кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Вилоят ҳокими Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳияти, ҳудудда саноатнинг турли тармоқлари ривожлангани, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш соҳаларида катта имкониятлар мавжудлиги ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Афғонистон ҳудудида Фарғона савдо уйини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Мулоқот давомида Афғонистонда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларини Фарғона вилоятига олиб келиб, уларни қайта ишлаш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.

Сайид Муҳаммад Карим Ҳошимий кейинги пайтларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини қайд этиб, Афғонистонда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирувчи кўплаб салоҳиятли тадбиркорлар борлигини таъкидлади. Шунингдек, афғон тадбиркорларининг Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйишга катта қизиқиш билдиришлари ва Фарғона савдо уйи фаолиятини ташкил этишда ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини маълум қилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳозирда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган йирик режалар амалга оширилаётганини, барча соҳаларда аниқ ва манфаатли натижаларга эришиш мақсад қилинганини таъкидлади.

Учрашув якунида савдо-иқтисодий, инвестиция ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни жадаллаштириш, шунингдек, салоҳиятли тадбиркорлар иштирокида ўзаро бизнес-делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

UzDaily · 👁 25 views · 18.06.2026 · 16:40