Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Денов туманида уйнинг бузилишига ҳокимлик изоҳ берди

Дилафруз Ниязова · 10.08.2026 · 10:50 · 29 views
Денов туманида уйнинг бузилишига ҳокимлик изоҳ берди
Денов туманида уйнинг бузилишига ҳокимлик изоҳ берди / Фото: Сурат сунъий интеллекти ёрдамида яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилояти Денов туманида суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида жойлашган турар жой бузиб ташланди. Мажбурий ижро бюроси демонтаж ишлари қонуний кучга кирган суд қарори асосида амалга оширилганини маълум қилди. Вилоят ҳокимлиги эса фуқарога янги уй-жой қуриб берилишини билдирди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Мажбурий ижро бюроси бошқармаси хабар берди.

Агентлик маълумотига кўра, ижро ҳужжати Денов тумани фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2025 йил 29 декабрдаги қарори асосида берилган. Суд «Чуқурқишлоқ» маҳалласидаги «Ғалаба» массиви ҳудудида ўзбошимчалик билан эгалланган 0,20 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларини бўшатиш ҳақида қарор чиқарган.

Суд қарорида турар жой ва бошқа ноқонуний қурилмаларни бузиб ташлаш ҳамда ер майдонини дастлабки ҳолатига келтириш ҳам назарда тутилган.

Ижро иши 2026 йил 24 январда қўзғатилган. Мажбурий ижро бюроси маълумотига кўра, қарздорлар суд қарорини ижро этиш зарурлиги ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинган. Ижро ҳаракатлари аввал суд ажримига асосан вақтинча тўхтатилган, кейинчалик эса қайта тикланган.

Ижро ҳужжати талаблари ихтиёрий равишда бажарилмагани сабабли, 7 август куни мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Натижада суд қарорида кўрсатилган ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.

Мажбурий ижро бюроси уйни олдиндан огоҳлантирмасдан бузишга урингани ҳақидаги маълумотларни ҳам рад этди.

Шу билан бирга, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги вазият вилоят ҳокимининг шахсий назоратида эканини маълум қилди. Фуқаро билан учрашув ўтказилиб, шундан сўнг ҳокимлик томонидан воқеа ҳолатлари ўрганилган.

Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, бузилган уй фуқарога кадастр ҳужжатлари асосида тегишли бўлган ер участкасига туташ дала майдонида, фермер хўжалиги ҳудудида жойлашган.

Ҳокимлик фуқаронинг манфаатларини таъминлаш масаласи эътиборсиз қолмаслигини билдирди. Хусусан, унга янги уй-жой қуриб берилади.

Уй-жой масаласини ҳал этиш қонунчилик талабларини инобатга олган ҳолда ҳокимлик назоратида қолади.