АҚШ ва Ўзбекистон Фарғонага инвестиция киритишни муҳокама қилишди
АҚШ ва Ўзбекистон Фарғонага инвестиция киритишни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотларда иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, инфратузилмани ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар аввалида вилоят ҳокими АҚШ ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга, хусусан, Фарғона вилоятига қизиқиши йилдан-йилга ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этиб, ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, саноат ва инфратузилма соҳаларидаги кенг имкониятлар ҳақида маълумот берди.
“Oppenheimer & Co. Inc” компанияси бошқарувчи директори Томас Авазян билан бўлиб ўтган учрашувда Фарғона вилоятида иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, замонавий молиявий механизмларни жорий этиш ҳамда истиқболли инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
GULF компанияси раҳбари Роберт Векслер билан мулоқотда эса вилоят ҳудудида автомобиллар учун замонавий ёқилғи қуйиш шахобчалари тармоғини барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, SNB Group компанияси вакили Сергей Беглиаров билан учрашувда Фарғона вилоятининг инвестициявий салоҳияти, саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларга янги инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида Фарғона вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган имтиёз ва қулайликлар, экспорт салоҳияти ҳамда ҳудуднинг саноат имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашувлар якунида белгиланган йўналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини амалий босқичга олиб чиқиш ва ўзаро шериклик муносабатларини жадаллаштиришга келишилди.