Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси ҳузуридаги Миллий PR-марказ ва Yandex Uzbekistan саёҳатчилар учун рақамли навигацияни ривожлантиришга келишиб олди. Томонлар 31-Тошкент халқаро «Ипак йўлида туризм» туристик ярмаркаси доирасида ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда Yandex Uzbekistan хабар берди.
Ҳужжатни Миллий PR-марказ директори Шаҳбоз Саидхонов ва Yandex Uzbekistan компаниясининг стратегик ривожланиш бўйича вице-президенти Сардор Қодиров имзолади.
Ҳамкорлик доирасида Yandex Maps харитасига туристик йўналишлар, меҳмонхоналар ва жойлаштириш учун мўлжалланган бошқа сертификатланган объектлар ҳақидаги расмий маълумотларни интеграция қилиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, харитага йўл кўрсаткичлари, Wi-Fi тармоғига уланиш нуқталари ва жамоат ҳожатхоналари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш кўзда тутилган.
Келишув иштирокчиларининг фикрича, маълумотларни янгилаш рақамли навигацияни янада мазмунли ва долзарб қилади. Маълумотлар саёҳатчиларнинг амалий эҳтиёжларини ҳисобга олиши керак.
Ҳамкорлик Ўзбекистон туризм соҳаси учун рақамли ечимларни ривожлантириш ва мамлакатдаги туристик йўналишлар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.