Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятида умумий дастлабки қиймати 100 миллион сўм бўлган 22 250 дона пиротехника буюмини ноқонуний сақлаш ҳолатига чек қўйилди.
Тезкор тадбир Андижон вилояти божхона бошқармасининг шахсий хавфсизлик гуруҳи ва контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари бўлинмалари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Текширув Балиқчи туманидаги хонадонлардан бирида амалга оширилди. У ерда ноқонуний сақланаётган пиротехника буюмлари аниқланди.
Мусодара қилинган маҳсулотлар орасида бешта картон қутига жойланган «7 ШОТС» номли 250 дона буюм бор. Шунингдек, «Britanik» ва «Petards» маркаларидаги 22 минг дона буюм битта қопда, 40 та блокка қадоқланган ҳолда сақланган.
Ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.