Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Исроиллик мутахассислар Тошкентда болаларни реабилитация қилишнинг замонавий усуллари, жумладан, эрготерапия бўйича ўқув семинари ўтказади. Бу ҳақда Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Тадбир 2026 йил 23–26 ноябрь кунлари Республика болаларни ижтимоий мослаштириш марказида бўлиб ўтади.
Семинар Исроил элчихонаси, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро тараққиёт ҳамкорлиги агентлиги — МАШАВ ҳамда Республика болаларни ижтимоий мослаштириш маркази томонидан ташкил этилмоқда.
Унда Исроил экспертлари ва болалар реабилитацияси соҳасида фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар иштирок этади.
Дастур назарий машғулотлар ва амалий тайёргарликни ўз ичига олади. Унда қатнашчилар исроиллик ҳамкасбларининг касбий методикалари ва тажрибаси билан танишиш имконига эга бўлади.
Семинарнинг асосий мавзуларидан бири эрготерапия бўлади. Бу йўналиш болаларга кундалик ҳаёт учун зарур кўникмаларни ўзлаштиришда ёрдам беради. Бундай кўникмалар қаторига мустақил овқатланиш, кийиниш, шахсий гигиенага риоя қилиш, ўйнаш ва таълим олиш киради.
Алоҳида машғулотлар болаларнинг функционал имкониятларини баҳолаш, зарур кўникмаларни ривожлантириш ва индивидуал терапия режаларини тузишга бағишланади. Шунингдек, мутахассислар сенсор интеграция, оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда турли соҳалар вакилларидан иборат мутахассислар жамоаларининг ҳамкорликда ишлашини мувофиқлаштириш масалаларини кўриб чиқади.
Ушбу ёндашувлар, хусусан, ривожланишида нуқсони бўлган, ҳаракат ва сенсор имкониятлари чекланган, болалар церебрал фалажи ҳамда аутизм спектри бузилишлари бўлган болалар билан ишлашда қўлланилади.
Ўқув машғулотлари ўзбекистонлик мутахассисларнинг касбий билимларини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган ва ривожланиш хусусиятларига эга болалар учун реабилитация хизматларини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.
Ташкилотчилар, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларида икки мамлакат ўртасида тажриба алмашинувини мустаҳкамлашни ҳам кўзламоқда.