Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Yandex Uzbekistan компанияси Ўзбекистонда Market Yandex Go сервисининг фаолиятини тўхтатишни режалаштирмоқда.
Товарларни узоқроқ муддатда етказиб бериш шарти билан буюртма қилиш имконини берувчи витрина 10 ноябрга қадар ишлайди. Шундан сўнг компания Lavka ва «Магазинлар» сервиси орқали тезкор етказиб бериш хизматини ривожлантиришга эътибор қаратади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати маълум қилди.
Шу билан бирга, фойдаланувчилар Yandex Go орқали озиқ-овқат маҳсулотлари, электроника, косметика, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа тоифадаги товарларга буюртма беришда давом этишлари мумкин. Етказиб бериш тезкор форматда, 15 дақиқадан бошлаб амалга оширилади.
Market витринаси орқали 10 ноябрга қадар расмийлаштирилган барча буюртмалар компания томонидан қайта ишланиши ва харидорларга етказиб берилиши ваъда қилинмоқда.
Қўллаб-қувватлаш хизмати буюртмалар ва платформа билан ишлаш масалалари бўйича фойдаланчилар ҳамда ҳамкорларга маслаҳат беришда давом этади.
Экспресс-доставка форматига ўтишдан манфаатдор Market ҳамкорларига Yandex Lavka ёки «Магазинлар» сервиси билан ҳамкорлик қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Компания маълумотларига кўра, ҳар икки йўналишдаги буюртмалар сони 2025 йилга нисбатан уч бараварга ошган.
2024 йил кузида Ўзбекистонда ишга туширилганидан буён Lavka тармоғи 10 та дарксторгача кенгайди. Сервис ўз савдо маркалари остида 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотни таклиф қилади.
«Магазинлар» сервиси ҳамкорлари сони эса шу даврда қарийб икки бараварга кўпайиб, 500 тага етди.
Yandex 2024 йил декабрь ойида Ўзбекистонда Yandex Market товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун аризалар топширган. Компания муқобил ном сифатида Market Yandex Go номини ҳам тақдим этган.
2025 йил март ойида маркетплейсни Ўзбекистонда апрель ойидан ишга тушириш режалари ҳақида хабар берилган эди. Унинг фаолиятини йўлга қўйиш учун компания Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 9 минг квадрат метр майдонга эга омборхона қурган.
2025 йил апрель ойида Market Yandex Go мамлакатда ўз фаолиятини бошлади.
Дастлаб сервис Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудлари аҳолиси учун мавжуд бўлган. Ўша йилнинг ёзида эса унинг фаолият географияси тўққизта ҳудудгача кенгайтирилган.