Yandex Lavka билан энди ногиронлиги бўлган шахслар ҳам ҳамкорлик қилиши мумкин
Yandex Lavka билан энди ногиронлиги бўлган шахслар ҳам ҳамкорлик қилиши мумкин
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Компания лойиҳага уланиш ва ўқитиш жараёнларини эшитишида нуқсони бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштирди ҳамда уларга омборчи сифатида фаолият юритиш имконини тақдим этди. Мутахассислар хизмат дарксторларида буюртмаларни йиғиш ва қадоқлаш, товар етказиб беришни қабул қилиш ва жойлаштириш, маҳсулотлар захирасини назорат қилиш ҳамда омборда тартибни сақлаш каби вазифаларни бажарадилар.
Лойиҳа Тошкент шаҳридаги ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватловчи «Шароит Плюс» жамоат бирлашмаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ташкилот номзодларни саралашда кўмаклашади, уларни суҳбатларга тайёрлайди ва ишга мослашиш жараёнида қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, «Шароит Плюс» ўзбек ишора тили таржимонларини таъминлайди ҳамда Yandex Lavka жамоалари учун эшитишида нуқсони бўлган мутахассислар билан самарали мулоқот қилиш бўйича тренинглар ўтказади.
Мутахассислар учун тайёрланган ўқув материаллари субтитрлар билан тўлдирилди, даркстор жамоалари учун эса эшитишида нуқсони бўлган ходимлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича махсус йўриқномалар ишлаб чиқилди.
Ҳамкорлик учун ариза топшириш имконияти 18 ёшдан ошган, тўлиқ иш куни давомида фаолият юритишга тайёр ва ёзма маълумотларни ўқий оладиган эркаклар ҳамда аёллар учун очиқ.
«Инклюзив муҳитни ривожлантиришда нафақат технологик ечимлар, балки ногиронлиги бўлган шахслар учун меҳнат қилиш имкониятларини яратишга қаратилган тизимли ёндашув ҳам муҳим аҳамиятга эга. Yandex Uzbekistan бу йўналишни изчил ривожлантириб, сервисларни мослаштирмоқда, қулай ва очиқ муҳит яратмоқда ҳамда эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун янги имкониятларни ишга туширмоқда. Лойиҳада «Шароит Плюс» жамоат бирлашмасининг иштирок этаётгани ҳам муҳим, зеро у номзодларнинг мослашув жараёнига кўмаклашиб, жамоаларни қўллаб-қувватлайди», — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори, Президентнинг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси Мансурбек Оллоёров.
Yandex Uzbekistan имконияти чекланган инсонлар учун рақамли хизматлар ва иш муҳитини янада қулай қилиш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқда. Компаниянинг тўққизта хизмати, жумладан Yandex Go, Алиса AI, Почта, Браузер, Yandex Music ва Yandex Books кўзи ожиз ва кўриш қобилияти заиф фойдаланувчилар учун махсус имкониятларни қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистонда компания Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда ижтимоий такси лойиҳасини амалга оширмоқда. Бугунги кунда Yandex Go билан қарийб 700 нафар кар ва эшитишида нуқсони бўлган ҳайдовчи-ҳамкорлар фаолият юритмоқда. Шунингдек, хизматда йўловчилар учун ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган махсус имкониятлар билан сафар қилиш хизмати ҳам мавжуд.