Иқтисод

Хусусий агентликларга хорижда ишга жойлаштирган ҳар бир фуқаро учун 1,5 млн сўм берилади

Хусусий агентликларга хорижда ишга жойлаштирган ҳар бир фуқаро учун 1,5 млн сўм берилади
Хусусий агентликларга хорижда ишга жойлаштирган ҳар бир фуқаро учун 1,5 млн сўм берилади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш билан ишончли ташкилот мақомини олган хусусий бандлик агентликлари шуғулланади.

Хорижда юқори маошли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун агентликларга 1,5 млн сўм миқдорида рағбатлантирувчи тўлов берилиши белгиланган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграциясининг устувор масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Давлат раҳбари ишга жойлаштириш хизматлари соҳасида хусусий сектор жадал ривожланаётганини таъкидлади. Икки йил аввал лицензия талаблари соддалаштирилганидан кейин хусусий бандлик агентликлари сони уч баробарга, улар томонидан хорижга ишлаш учун юборилган фуқаролар сони эса беш баробарга ошди.

Шу билан бирга, Президент соҳада айрим муаммолар, жумладан, агентликлар фаолиятидаги хатолар, коррупция ва иш изловчиларни алдаш ҳолатлари сақланиб қолаётганини қайд этди. Тартибга солиш тизимини такомиллаштириш мақсадида бозор иштирокчилари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайдиган алоҳида қонун қабул қилинди.

Жорий этиладиган янги механизмлардан бири хусусий бандлик агентликлари рейтингини шакллантириш тизими бўлади. У агентликлар фаолиятининг шаффофлигини ошириш ва компаниялар иш натижаларини баҳолашга хизмат қилиши керак. Асосий мезонлар қаторида амалдаги иш жойининг эълон қилинган шартларга мувофиқлиги, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, иш ҳақи даражаси ва ижтимоий кафолатларнинг мавжудлиги белгиланган.

Чет элда ишлашни режалаштираётган ёш фуқароларни касбга тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Касблар ва хорижий тилларни ўргатишни ташкил этиш учун хусусий ўқув марказларига техникумлар биноларидан хоналар бепул берилади.

Бундан ташқари, ўқув марказларига хориждан жалб қилинган ўқитувчилар ва экспертларга тўловларни амалга оширишда 1 фоизлик ижтимоий солиқ ставкасини қўллашга рухсат берилади. Улар томонидан ўқув машғулотларини ташкил этиш учун олиб кириладиган ускуналар божхона божларидан озод қилинади.

Масъул идораларга бир ой муддатда бандлик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган қарор лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Тегишли ташкилотлар фаолиятини ижтимоий хизмат кўрсатиш сифатида эътироф этиш кўзда тутилмоқда. Бу эса солиққа тортиш тартибини соддалаштириш имконини беради.

Янги чора-тадбирлар хорижда ишга жойлаштириш хизматлари сифатини ошириш, хусусий агентликлар масъулиятини кучайтириш ва фуқароларнинг касбий тайёргарлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.