7
Иқтисод

Хорижий инвесторлар Ўзбекистон энергетикаси бўйича режаларини маълум қилди

Хорижий инвесторлар Ўзбекистон энергетикаси бўйича режаларини маълум қилди
Хорижий инвесторлар Ўзбекистон энергетикаси бўйича режаларини маълум қилди / Фото: Ўзбекистон Президенти Администрацияси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хорижий инвесторлар Ўзбекистон энергетикаси ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича режаларини маълум қилиб, мамлакатга киритилган инвестициялар ҳажми ва янги лойиҳалар ҳақида ахборот берди. Бу ҳақдаги баёнотлар 16 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёқилғи-энергетика соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқоти давомида янгради.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакат энергетика соҳасига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган.

Инвесторлар келаётган мамлакатлар сони ўнтадан ошган.

Acwa: сутка давомида 1 ГВт қувват

Ўзбекистон — Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси ва Acwa компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян Қорақалпоғистонда сутка давомида 1 ГВт қувват билан таъминлашни назарда тутувчи лойиҳа бўйича келишув имзоланганини маълум қилди.

Лойиҳа қиймати тахминан 2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Компания келгуси йили яна тахминан 3 миллиард долларлик келишувларни имзолашни режалаштирмоқда.

Абунайян, шунингдек, Acwa илғор технологияларни жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ёш мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.

Masdar: қайта тикланувчи энергетикада яна 2 ГВт қувват

Masdar компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил ар-Рамаҳий БАА компанияси Ўзбекистон бозорида 2019 йилдан буён фаолият юритаётганини эслатди. Ўшандан бери компания мамлакатга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритган ва умумий қуввати 2 ГВтдан зиёд бўлган қайта тикланувчи энергетика лойиҳаларини амалга оширган. Улар қаторига қуёш ва шамол электр станциялари, шунингдек, энергияни тўплаш тизимлари киради.

Ар-Рамаҳийнинг сўзларига кўра, Masdar Ўзбекистонда яна 2 ГВт қайта тикланувчи энергетика қувватларини яратишни режалаштирмоқда. У узоқ муддатли инвестициялар учун давлат сиёсати ва тартибга солиш тизимининг барқарорлиги, шунингдек, имзоланган келишувларнинг ишончлилиги муҳимлигини таъкидлади.

Мирзиёев Masdar компаниясининг мамлакатда қуёш энергетикасини ривожлантиришдаги ролини қайд этиб, компания таклифлари соҳанинг янги йўл харитасини тайёрлашда инобатга олинишини билдирди.

China Energy International: 6 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар портфели

China Energy International президенти Сяо Сюбинь сўнгги беш йилда компаниянинг Ўзбекистондаги лойиҳалари умумий қиймати 6 миллиард доллардан ошганини маълум қилди.

У амалга оширилган объектлар қаторида Бухоро вилоятидаги қуввати 1 ГВт бўлган шамол электр станцияси ва Тошкентдаги энергияни тўплаш тизими билан жиҳозланган фотоэлектрик станцияни тилга олди.

Саккизта энергия тўплаш тизимини қуришда компания маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг тахминан 40 фоизидан фойдаланган. Сяо Сюбинь тендер жараёнларини такомиллаштириш ташаббусларини ҳам қўллаб-қувватлаб, электр тармоқларини рақамлаштириш ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Cengiz Holding: Жиззахдаги станция йил охиригача ишга туширилади

Туркиянинг Cengiz Holding компанияси бошқаруви раиси Меҳмет Ченгиз компаниянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари 900 миллион доллардан ошганини маълум қилди. Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги лойиҳалар амалга оширилганидан сўнг компания 2026 йил охиригача Жиззах вилоятида электр станциясини ишга туширишни режалаштирмоқда.

Ченгиз энергетика лойиҳалари нафақат электр энергияси ишлаб чиқарувчи объектларни қуришни, балки газ инфратузилмаси, электр узатиш линиялари ва тақсимлаш тармоқларини ўз вақтида барпо этишни ҳам талаб қилишини таъкидлади. У масъул ижрочиларни, тармоққа уланиш шартларини, шунингдек, объектларни синовдан ўтказиш ва қабул қилиш тартибини олдиндан белгилашни таклиф қилди.

Президент Cengiz Holding компанияси қурилиш соҳасидаги тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, «Янги Тошкент» лойиҳаси бўйича таклифлар тақдим этишига умид билдирди.

Vision Invest: «яшил» аэропорт

Vision Invest президенти ва бош ижрочи директори Умар ал-Мидани компания Тошкентнинг янги аэропортини қуриш ҳамда амалдаги аэропортни реконструкция қилишда иштирок этаётганини маълум қилди. У инвесторлар учун иқтисодий инқирозлар ва глобал беқарорлик даврларида ҳам лойиҳаларни амалга ошириш шартлари барқарор сақланиши муҳимлигини таъкидлади.

Мирзиёев эса Тошкентнинг янги халқаро аэропорти мамлакатдаги биринчи «яшил» аэропорт бўлишини билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.