7
Иқтисод

Ўзбекистон табиий газни чуқур қайта ишлашни кенгайтиради

Ўзбекистон табиий газни чуқур қайта ишлашни кенгайтиради
Ўзбекистон табиий газни чуқур қайта ишлашни кенгайтиради / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон электр энергияси ишлаб чиқариш учун ёқилғидан фойдаланиш билангина чекланиб қолмасдан, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида табиий газни чуқур қайта ишлашни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни ёқилғи-энергетика соҳаси инвесторлари билан очиқ мулоқотда маълум қилди.

Давлат раҳбари газдан олинадиган электр энергияси ҳажми билангина эмас, балки уни қайта ишлаш орқали яратиладиган қўшимча иқтисодий қиймат билан ҳам ҳисоблашиш муҳимлигини таъкидлади.

Мирзиёев амалдаги ишлаб чиқариш намунаси сифатида Қашқадарё вилоятидаги синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуасини келтирди. Корхона ҳар йили 1,5 миллион тоннагача ёқилғи ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Бухоро вилоятида метанолдан олефинлар олишга қаратилган MTO лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа доирасида полиэтилен, полипропилен ва полиэтилентерефталат (ПЭТ) ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш режалаштирилмоқда.

Мирзиёев ҳукумат инвесторлардан замонавий технологияларга асосланган, экологик талабларга жавоб берадиган ва иқтисодий жиҳатдан асосланган таклифларни кутаётганини билдирди. Лойиҳаларни танлашда рақобат, шаффофлик, иқтисодий самарадорлик ва ўзаро манфаат асосий мезонлар бўлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон геологик қидирув ишлари ва конларни ўзлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Устюртда Озарбайжоннинг SOCAR ва Буюк Британиянинг BP компаниялари билан ҳамкорликда олтита инвестиция блокида қидирув-геология ишлари олиб борилмоқда.

Хорижий ҳамкорларни жалб қилиш учун яна 128 та блок тайёрланган. Уларнинг прогноз ресурслари 5,8 триллион куб метр газ ва 560 миллион тонна суюқ углеводородга баҳоланмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.