Wizz Air ва Ўзбекистон ҳаво ҳаракатини ривожлантиришнинг янги имкониятларини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Wizz Air Гроуп компаниясининг ҳукумат билан алоқалар бўйича директори Анастасия Навикова билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбатда Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Йозеф Рожа иштирок этди.
Wizz Air 2003 йилда Будапештда ташкил этилган. Авиакомпания Марказий ва Шарқий Европа аҳолисига ҳамёнбоп ва қулай ҳаво қатновини тақдим этади. Компаниянинг бош қароргоҳи Будапештда жойлашган. Компания Европа, шунингдек, Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг 200 дан ортиқ йўналишларига парвоз қилади.
Учрашув давомида томонлар Wizz Air билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Хусусан, мавжуд рейслар жадвалини кенгайтириш, янги йўналишлар очиш, ҳудудий аэропортлардан фойдаланиш имкониятлари, ҳаво қатнови учун зарур инфратузилма шароитлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, техник ва институционал қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқиш, компаниянинг мамлакат бозорида илгари сурилишини жадаллаштириш чораларини кўриш бўйича келишувларга эришилди.