Умарали Раҳмоналиев «Сабах»ни Чемпионлар лигасига олиб чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев Озарбайжоннинг «Сабах» клуби билан бирга УЕФА Чемпионлар лигасининг асосий босқичига йўл олди. Саралаш плей-офф босқичининг жавоб учрашувида Озарбайжон клуби Исроилнинг Беэр-Шева шаҳридаги «Ҳапоэль» жамоасини қўшимча бўлимларда 5:2 ҳисобида мағлуб этди.
«Сабах» 10-дақиқада Игор Златановичнинг голидан кейин ҳисобда ортда қолди. Бироқ танаффусга қадар Кристиан Нвачукву ҳисобни тенглаштирди. 61-дақиқада Ги Мизрахи «Ҳапоэль»ни яна олдинга олиб чиқди.
74-дақиқада Раҳмоналиев «Сабах»нинг иккинчи голини киритиб, учрашувдаги тенгликни тиклади. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда Теллур Муталлимов Озарбайжон клубини олдинга олиб чиқди — 3:2.
Қўшимча вақтда «Сабах» яна икки марта гол урди. 101-дақиқада Орфе Мбина жамоа устунлигини оширган бўлса, 115-дақиқада Жой-Ланс Миккелс якуний ҳисобни 5:2 кўринишига келтирди.
«Ҳапоэль» учрашувни камчиликда якунлади. 100-дақиқада Жибриль Дьоп, 116-дақиқада эса Элиэль Перец майдондан четлатилди.
Жамоаларнинг Исроилда ўтказилган биринчи учрашувида «Сабах» 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Шу тариқа, икки учрашув натижасига кўра Озарбайжон клуби 6:4 ҳисобида ғалаба қозониб, Чемпионлар лигасининг асосий босқичига йўлланмани қўлга киритди.
«Сабах» Чемпионлар лигаси саралаш босқичидан ўтиб, асосий босқичга чиққан тарихдаги иккинчи Озарбайжон клубига айланди. Бунга аввал «Қарабоғ» эришган. Ушбу клуб 2017/18 мавсумида мусобақанинг гуруҳ босқичида, 2025/26 мавсумида эса асосий босқичида иштирок этган.
Бундан ташқари, «Сабах» Европа кубокларининг асосий босқичига чиққан тўртинчи Озарбайжон клуби бўлди. «Қарабоғ»дан ташқари, бундай натижага аввал «Нефтчи» ва «Габала» ҳам эришган.