Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Тошкентда Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми бўлиб ўтди

UzDaily · 17.06.2026 · 16:25 · 25 views
Тошкентда Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 16 июнь куни САEХ мажмуасида Ўзбекистон–Туркия бизнес форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Туркия Республикаси савдо вазири Омер Болат, икки мамлакат давлат идоралари, ишбилармон доиралари, инвесторлар, йирик компаниялар ҳамда бизнес уюшмалари вакиллари иштирок этди.

Форум Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат кооперацияси алоқаларини янада кенгайтириш, мавжуд ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан бойитиш ҳамда янги ташаббусларни илгари суришга қаратилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистонда фоалият юритаётган Туркиянинг DEIK, DTIK, UTID, MUSIAD ва ASKON сингари уюшма раҳбарлари билан ташкил этилди.
Форумда жами 350 га яқин иштирокчи қатнашди.

Шундан 60 га яқин Туркиянинг етакчи компаниялари ва бизнес доираларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. Хусусан, Cengiz Enerji, Anadolu Group, Çalık Holding, ODAŞ, AKSA Enerji, Rönesans Holding, ESAN Eczacıbaşı, OSTİM, SICPA TR, Nobel Pharmsanoat, Ziraat Bank ҳамда Özgüven İnşaat каби йирик компания ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакилларининг иштирок этди.

Форумда сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Туркияни боғлаб турган тарихий яқинлик, ўзаро ишонч ва қардошлик алоқалари бугунги кунда кенг кўламли иқтисодий шериклик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасида шаклланган яқин ва ишончли мулоқот икки томонлама муносабатларнинг изчил ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Олий даражадаги мунтазам учрашувлар, очиқ ва конструктив сиёсий мулоқот савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат кооперацияси йўналишларида амалий натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Айнан давлат раҳбарлари даражасида белгилаб берилаётган стратегик йўналишлар натижасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик бугун янги босқичга кўтарилиб, энергетика, саноат, автомобилсозлик, фармацевтика, геология, қурилиш, инфратузилма ва хизматлар соҳаларида аниқ лойиҳалар билан бойимоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий алоқалар изчил кенгайиб бормоқда. 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 3 млрд АҚШ долларини ташкил этди. 2017–2025 йилларда савдо айланмаси 1,9 баробарга ошди. Ўзаро савдо ҳажмини 5 млрд долларга етказиш икки мамлакат раҳбарлари томонидан куйилган муҳим устувор вазифа эканлиги ва бунинг учун барча имкониятлар мавжудлиги Форум иштирокчилари томонидан таъкидланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида 2 137 та корхона фаолият юритмоқда. 2025 йилда Туркиядан 2,6 млрд доллар миқдорида инвестициялар жалб қилинди.

Тадбирнинг асосий қисми “Давос формати”да ташкил этилиб, унда энергетика, банк-молия, саноат, бизнес, давлат-хусусий шериклик, инвестиция ва ишлаб чиқариш кооперацияси йўналишларида фикр алмашилди. Муҳокамаларда Туркия–Ўзбекистон бизнес кенгаши вакиллари, “Çalık Enerji”, “Ziraat Bank”, “Anadolu Group”, “Ermak”, “Pro Cab” компаниялари раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шериклик департаменти вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида Туркиянинг етакчи компаниялари Ўзбекистонда 100 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошираётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, Aksa Energy, Cengiz Enerji ва Çalık Enerji энергетика соҳасида янги қувватлар яратиш, барқарор энергия таъминотини мустаҳкамлаш ва саноат ривожи учун зарур инфратузилмани кенгайтиришга ҳисса қўшмоқда.

Анадолу Исузу автомобилсозлик ҳамда тижорат транспорти ишлаб чиқаришини ривожлантириш, локализация даражасини ошириш ва минтақавий бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Ostim Global Industrial Zone саноат кооперацияси ва қўшма ишлаб чиқаришлар учун янги платформа сифатида шаклланмоқда.

Шунингдек, Esan Eczacıbaşı геология ва кончиликда стратегик ресурсларни ўзлаштиришга, Özgüven каби компаниялар эса қурилиш, инфратузилма ва замонавий шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга оширишга ҳисса қўшмоқда.

Форум якунлари бўйича томонлар савдо ва инвестиция алоқаларини янада фаоллаштириш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, технология трансфери ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалий мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

UzDaily · 👁 25 views · 17.06.2026 · 16:25