Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун тасдиқланди

UzDaily таҳририяти · 03.07.2026 · 10:00 · 22 views
Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун тасдиқланди

Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун тасдиқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Мажлисда “Тошкент халқаро Молия маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Келишув комиссиясининг хулосаси кўриб чиқилмоқда.

Мазкур Конституциявий Қонунда Тошкент халқаро Молия марказининг ҳуқуқий мақоми, фаолият тамойиллари, бошқарув тизими, ваколатлари ва марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим белгиланган.

Шунингдек Марказ ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, мазкур Конституциявий Қонунга ва Молия марказининг қарорларига зид бўлмаган ҳолда Англия ва Уэлс ҳуқуқининг принциплари, қонунчилиги ва суд претседентлари амал қилишига оид қоидалар ўз аксини топган.

Бундан ташқари Марказ маъмурияти, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат судининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланган. Бундан ташқари, марказ ҳудудида солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилиши белгиланган.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 13 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Конституциявий Қонуннинг айрим нормаларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилиб, рад этилган эди.

Хусусан, Тошкент халқаро тижорат суди судьяларига қўйилаётган талабларни қайта кўриб чиқиш, Тошкент халқаро тижорат судининг ҳар қандай халқаро арбитражга оид ишни, маъмурий-ҳуқуқий низоларни кўриш каби айрим ваколатларини аниқлаштириш лозимлигига эътибор қаратилиб, Қонунни такомиллаштириш юзасидан қарор қабул қилинган эди.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун юзасидан Сенат томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар Келишув комиссияси томонидан ҳар томонлама кўриб чиқилиб, Конституциявий Қонун нормалари янада такомиллаштирилди.

Хусусан, Тошкент халқаро тижорат судининг ваколатлари, судьяларга қўйиладиган талаблар, халқаро арбитраж ишларини кўриш тартиби ҳамда марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимга оид қоидалар аниқлаштирилди.

Депутатлар Конституциявий Қонуннинг такомиллаштирилган таҳрири мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий молиявий хизматлар экотизимини шакллантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлишини таъкидладилар.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳасининг Келишув комиссияси томонидан такомиллаштирилган таҳрири юзасидан келишувга эришилди.