Тошкент вилоятида газ портлашида 4 киши ҳалок бўлди
Тошкент вилоятида газ портлашида 4 киши ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида турар жой уйида газ портлаши натижасида тўрт нафар киши ҳалок бўлди. Ҳодиса 16 апрель куни Ўртачирчиқ тумани «Ўрта Овул» маҳалласида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа оқибатида 1996 йилда туғилган эркак ва унинг уч нафар фарзанди ҳалок бўлган. Фожеа уйда содир бўлган портлашдан кейин юзага келган ёнғин натижасида юз бергани маълум қилинмоқда.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи ва онаси оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳодиса пайтида кучли портлаш овози эшитилган, шундан сўнг қўшни уйларда яшовчилар кўчага чиқиб кетган.
Қўшниларнинг таъкидлашича, эркак оила аъзоларини қутқаришга уринган. У аввал хотини ва онасини уйдан олиб чиққан, аммо фарзандлари ортидан қайтиб кирганида ёнғин ичида ҳалок бўлган.
Айни пайтда портлашнинг расмий сабаблари аниқланмаган. Ҳодиса жойида тегишли хизматлар ва мутахассислар иш олиб бормоқда.