Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 29.07.2026 · 12:50 · 27 views
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 28 июль куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдурраҳман Ал-Жалажил бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Хусусан, соғлиқни сақлаш йўналиши икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг муҳим ва истиқболли соҳаларидан бири экани таъкидланди.

Учрашувда ушбу соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ва истиқболда режалаштирилаётган лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш, уларнинг қамрови ҳамда кўламини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, муҳокамалар давомида томонлар соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, томонлар мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш орқали тиббий хизматлар сифатини янада яхшилаш, тиббиёт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда мутахассисларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан фикр алмашди.

Жумладан, Саудия Арабистонининг инвестициявий, технологик ва бошқарув тажрибасини жалб қилиш, икки мамлакат хусусий сектори вакиллари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, тегишли ташкилотлар ва мутахассислар ўртасидаги бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда аниқ ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдирди.