Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда аҳоли бандлиги, даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш масалалари Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вице-вазири Бауржан Омарбеков бошчилигидаги делегация билан муҳокама қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова қозоғистонлик ҳамкасбларига шаҳарда аҳолини иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг даромадларини ошириш бўйича қўлланилаётган ёндашувлар ҳақида маълумот берди.
Учрашувда маҳалла даражасида аҳоли билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини бевосита жойларда ҳал қилиш механизмлари, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратиш масалаларини кўриб чиқди.
Қозоғистон вакилларига имтиёзли молиялаштириш воситалари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш ҳамда оилалар даромад манбаларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Учрашув давомида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида маҳаллаларнинг роли қайд этилди.
Тошкент вакиллари аҳоли билан манзилли ишлаш ва кичик тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг амалий механизмлари билан ўртоқлашди.
Музокаралар якунида томонлар аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни ривожлантириш ва тадбиркорлик фаоллигини кучайтириш соҳаларида тажриба ҳамда амалий ёндашувларни алмашишни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.