Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШнинг Вашингтон штатидаги Сиэтл шаҳрида жойлашган «Тошкент» боғида ўзбек жамоатчилиги ва америкалик дўстлар биргаликда ҳашар ўтказиб, ҳудудни ободонлаштирди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Ташаббусни Ўзбекистон Республикасининг Вашингтон штатидаги Бош консулхонаси ташкил этди.
Тадбир иштирокчилари ҳудудни тозалаш ва боғда озодаликни сақлашга эътибор қаратди. Биргаликдаги меҳнат натижасида ҳудуд тартибга келтирилиб, янада обод кўринишга эга бўлди.
Тадбир нафақат ободонлаштириш акцияси, балки мулоқот майдони ҳам бўлди. Иштирокчилар бир-бири билан танишди, суҳбатлашди ва биргаликда вақт ўтказди.
Меҳнатдан сўнг эса барча миллий таомимиз — ош атрофида жам бўлди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида бундай ташаббуслар инсонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳашар анъанасини Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳам кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Вазирлик маълумотларига кўра, Сиэтлдаги тадбир ўзбек жамоатчилиги ва маҳаллий аҳоли вакилларининг биргаликдаги меҳнатига мисол бўлди.