Ўзбекистон

Қорақалпоғистон 2030 йилга бориб «яшил» энергия улушини 76 фоизга етказади

Қорақалпоғистон 2030 йилга бориб «яшил» энергия улушини 76 фоизга етказади
Қорақалпоғистон 2030 йилга бориб «яшил» энергия улушини 76 фоизга етказади / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистон «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақадаги энг йирик марказлардан бирига айланиши керак.

Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида бўлиб ўтган республика ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Президентнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда 860 мегаватт қувватга эга янги энергетика объектлари ишга туширилган.

Унинг сўзларига кўра, Беруний ва Қораўзак туманларида шамол электр станцияларининг қурилиши натижасида ҳудудда «яшил» энергия улуши 23 фоизга етган. Электр энергияси ишлаб чиқариш эса тўрт баробарга ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатни ташкил этган. Бу республика аҳолиси ва корхоналарининг йиллик эҳтиёжидан қарийб уч баробар кўпдир.

Мирзиёев йиғилиш арафасида 47 та янги лойиҳанинг қурилишига старт берилганини маълум қилди. Улар қаторида Қўнғирот туманида қиймати 2 миллиард 600 миллион доллар бўлган, қуввати 1 500 мегаваттлик шамол электр станцияси ҳам бор. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа доирасида 1 500 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва кучланиши 500 киловольт бўлган учта подстанция қурилади.

Президент 2030 йилга қадар Қорақалпоғистонда умумий қуввати 3 300 мегаватт бўлган шамол электр станцияларини ишга тушириш ва «яшил» энергия улушини 76 фоизга етказиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, 400 мегаватт ҳажмида энергия сақлаш қувватларини яратиш кўзда тутилган. У бунинг учун республикада зарур ресурслар — ер, фойдали қазилмалар, қуёш ва шамол энергияси, шунингдек, кенг яйловлар мавжудлигини таъкидлади.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ушбу имкониятлар асосида ҳудудда «ресурсдан тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида янги саноат ва инвестиция харитаси яратилади. У «Қўнғирот — Қораўзак — Тахиатош» йўналиши Қорақалпоғистоннинг «яшил саноат коридори», яъни «ақлли иқтисодиёт учбурчаги»га айланишини маълум қилди.

Президент масъулларга 1 октябрга қадар ҳудуд энергетикасини ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш ва инвесторлар учун 1 гигаватт қувватда барқарор электр таъминотини таъминлаш вазифасини топширди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.