Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 2026 йил 29 октябрь куни «Пахтакор» футбол клубига 5 млрд сўм ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Маблағ пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги Шаҳарни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Қарорга мувофиқ, маблағлар «ФК «Пахтакор» МЧЖга клубнинг тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ харажатларни қоплаш учун йўналтирилади.
Маблағ ажратишга ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК таклифи асос бўлган.
Қарорга кўра, ҳокимнинг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Давлетияр Худайбергеновга «Toshkent Invest kompaniyasi» АЖ кузатув кенгаши муҳокамасига клубга 5 млрд сўм ўтказиш тўғрисидаги таклифни киритиш топширилди. Шунингдек, унга компания билан биргаликда ушбу маблағнинг Тошкентни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ажратилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Аҳадим Раззоқов раҳбарлик қилаётган Муниципал активларни бошқариш марказига ажратилаётган маблағлар ҳисобидан устав фондидаги улушини ошириш ва маблағлардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш топширилди.