«Тошкент» биржасида 65,5 млрд сўмлик РЕПО битими тузилди
«Тошкент» биржасида 65,5 млрд сўмлик РЕПО битими тузилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Тошкент» республика фонд биржасида «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» акциядорлик жамиятининг корпоратив облигациялари бўйича умумий қиймати 65,5 миллиард сўмлик йирик РЕПО битимлари амалга оширилди. Ушбу операциялар мамлакат капитал бозорини ривожлантириш ва ипотека молиявий инструментлари ликвидлигини ошириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Битимлар 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 февралдаги ПФ–26-сонли «Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилди. Ҳужжат ипотека облигацияларини фонд биржаси орқали жойлаштириш ҳамда уларнинг иккиламчи бозордаги муомаласини ривожлантиришни назарда тутади.
РЕПО операцияларининг амалга оширилиши корпоратив ва ипотека облигациялари бозори ликвидлигини ошириш, молиявий ресурслар айланмасини фаоллаштириш ҳамда бозор иштирокчилари учун қисқа муддатли молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, тузилган битимлар инвесторларнинг «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» облигацияларига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, улар қарз инструментлари билан замонавий биржа операцияларини амалга ошириш имконини берувчи «Тошкент» республика фонд биржаси савдо инфратузилмасининг самарадорлигини ҳам тасдиқлайди.
«Тошкент» республика фонд биржаси капитал бозорини ривожлантириш, замонавий молиявий инструментларни жорий этиш ҳамда корпоратив ва ипотека қимматли қоғозларининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилувчи шароитларни яратиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.