Синдоров 2026 йил Номзодлар турнирида муддатидан олдин ғолиб бўлди

Синдоров 2026 йил Номзодлар турнирида муддатидан олдин ғолиб бўлди

Синдоров 2026 йил Номзодлар турнирида муддатидан олдин ғолиб бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 2026 йил Номзодлар турнирида муддатидан олдин ғолиб бўлди. Мусобақа 29 мартдан 15 апрелгача Кипрда ўтказилмоқда ва унда дунёнинг энг кучли саккиз нафар шахматчиси иштирок этмоқда.

Мусобақанинг 13-турида Синдоров нидерландиялик гроссмейстер Аниш Гири билан дуранг ўйнади. Ушбу натижа ўзбекистонлик шахматчига 13 имкониятдан 9,5 очко жамғариш ва турнир якунланишига бир тур қолгандаёқ якуний ғалабани таъминлаш имконини берди.

Аниш Гири партия якунига кўра 7,5 очко тўплаб, мусобақа жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Шу тур доирасида америкалик гроссмейстер Хикару Накамура Маттиас Блюбаум билан очколарни бўлишди.

Номзодлар турнири икки доирали айланма тизимда ўтказилиб, жами 14 турдан иборат. Ғолиб жаҳон шахмат тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши матч ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритади. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 700 минг еврони ташкил этади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг