Шавкат Мирзиёев 9 Май паради учун Москвага бормайди
Шавкат Мирзиёев 9 Май паради учун Москвага бормайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Москвада 9 Май муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этмайди. Россия пойтахтига ташриф ўрнига у 8 май куни Ғалаба боғига бориб, Матонат мадҳияси монументи пойига гул қўйди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари билан ҳам учрашув ўтказади. Тадбирлар мамлакатда нишонланадиган Хотира ва қадрлаш куни доирасида бўлиб ўтади.
Кремль томонидан эълон қилинган Москвага келаётган хорижий делегациялар рўйхатида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари кўрсатилмаган. Кутилаётган иштирокчилар орасида Абхазия, Жанубий Осетия ва Беларусь президентлари, шунингдек Лаос, Малайзия, Словакия ва Серб Республикаси вакиллари тилга олинган.
Россия манбалари маълумотларига кўра, бу 2018 йилдан буён Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокисиз ўтадиган илк 9 Май паради бўлади.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков: «Биз ўтган йилгидек байрамга хорижий меҳмонларни махсус таклиф қилмадик», — деб айтганини РИА Новости хабар қилди.
Бу йил Қизил майдондаги парад узоқ вақтдан бери биринчи марта ҳарбий техникасиз ўтказилади. Россия Мудофаа вазирлиги буни оператив вазият билан изоҳлади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса қарорни террорчилик таҳдиди билан боғлади.
#Шавкат Мирзиёев