Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сенат Ўзбекистонда ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этди

Дилафруз Ниязова · 19.05.2026 · 16:45 · 186 views
Сенат Ўзбекистонда ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этди
Сенат Ўзбекистонда ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мазкур Қонун билан ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар тўғрисидаги ахборотни реал вақт режимида идоралараро интеграциялашув платформаси орқали алмашиш, ҳарбий рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш ҳамда сержантлар таркиби учун янги ҳарбий унвонларни жорий этиш назарда тутилган.

Қонуннинг бу каби кўплаб ижобий жиҳатларига қарамасдан, сенаторлар, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда экспертлар томонидан Қонуннинг айрим нормалари амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тўлиқ мувофиқ эмаслиги қайд этилди.

Хусусан, давлат органларининг ваколатлари, ҳарбий рўйхатни юритиш тартиби, идоралараро ахборот алмашинуви ҳамда фуқаролар ҳуқуқларига дахлдор айрим нормаларни қайта ишлаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Қонун қабул қилиниши муносабати билан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилиши лозим бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар етарлича таҳлил қилинмагани қайд этилди.

Сенаторлар бу каби ҳолатлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қийинчиликлар туғдириши мумкинлигига эътибор қаратдилар.

Сенаторлар Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.