Сенат "Эл-Юрт умиди" жамғармаси ва экспортга оид тузатишларни маъқуллади
Сенат "Эл-Юрт умиди" жамғармаси ва экспортга оид тузатишларни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда иқтидорли ёшлар ва мутахассисларнинг хориждаги нуфузли таълим ташкилотларида, илмий ва бошқа ташкилотларда таълим олишини ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан стипендиатлар учун сарфланган ўқитиш харажатларини ундириш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган.
Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиат учун сарфлаган ўқитиш харажатларини ундириш юзасидан судларга киритган даъволари бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи тузатишлар киритилмоқда. Шунингдек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш муддатлари қисқартирилмоқда
Бундан ташқари, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга Президент ва Ҳукумат қарорларига биноан олиб чиқиладиган буюмлар ва маҳсулотларни экспорт қилишга доир рухсатнома бериш тартиби бекор қилиниши, шунингдек, қимматбаҳо металлардан ясалган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосаси олинишини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, Қонун “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан сарфланган маблағларни ўз вақтида Давлат бюджетига қайтариш механизмларини кучайтиришга, шунингдек, норма ижодкорлиги фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.