Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими такомиллаштирилмоқда
Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими такомиллаштирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 17-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда савдо ва саноат соҳасини ривожлантириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш, маҳсулотлар устидан давлат назорати тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилотининг қоидаларига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Мазкур Қонун билан амалдаги айрим қонун ҳужжатларига ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этишга, миллий сифат инфратузилмасини илғор хорижий тажрибага таянган ҳолда ва комплекс ёндашув асосида институционал жиҳатдан ривожлантиришга ҳамда соҳага оид миллий қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан Жаҳон савдо ташкилотининг қоидалари ва нормаларига уйғунлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, “Метрология тўғрисида”ги Қонунда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, аҳоли ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби мақсадларда фойдаланиладиган ўлчаш воситалари давлат метрология назорати объекти сифатида белгиланмоқда.
“Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонунда тадбиркорлик субъектлари томонидан мустақил равишда ишлаб чиқиладиган ва қўлланиладиган "корхона стандартлари" институти жорий этилмоқда.
“Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунда эса техник регламентларда хавфсизлик талабларини маҳсулотнинг хавф таҳлилидан келиб чиққан ҳолда белгилаш амалиёти назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида”ги Қонунда мувофиқликни баҳолаш органларининг ваколатлилигига оид талаблар ва мезонларни белгилашда халқаро стандартларга устуворлик берилиши мустаҳкамланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, Қонун миллий сифат инфратузилмасининг бошқарув моделини яратиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, шунингдек, мазкур соҳаларда қўлланиладиган айрим талаблар ҳамда атамаларни Жаҳон савдо ташкилотининг қоидалари ва нормаларига мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.