Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғи барпо этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишларини бошлаб бердилар.
Боғ учун Янги Тошкентда 4 гектар майдон ажратилган. Бу ерда Озарбайжоннинг бой маданияти, кўп асрлик тарихи ва миллий анъаналарини акс эттирадиган замонавий жамоат макони ташкил этилади. У икки қардош халқнинг маданий яқинлиги ва дўстлигини намоён этадиган масканга айланади.
Таъкидлаш жоизки, бундай эзгу ташаббус икки томонлама хусусиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи доирасида Боку шаҳрининг “Оқ шаҳар” ҳудудида “Ўзбекистон” боғига тантанали равишда тамал тоши қўйилган эди.
4,5 гектар майдонда ташкил этиладиган ушбу мажмуада Ўзбекистоннинг бой маданияти ва анъаналари, миллий меъморчилик мактаби ўзига хос тарзда намоён этилади. Унда мамлакатимиз тарихий обидаларининг меъморий тимсоллари, яшил ҳудудлар ва сайр масканларини барпо этиш кўзда тутилган.
Шу тариқа Тошкентдаги “Озарбайжон” ва Бокудаги “Ўзбекистон” боғлари икки халқнинг кўп асрлик дўстлиги, ўзаро ҳурмати ва маънавий яқинлигининг яна бир ёрқин рамзи бўлади.
Давлат раҳбарлари бўлажак боғ ҳудудида рамзий капсулани жойлаштириб, лойиҳани амалга оширишга старт бердилар.