Мирзиёев Алиевнинг ташрифини тарихий воқеа деб атади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев бўлиб ўтган музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирдилар.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳеч муболағасиз тарихий аҳамиятга эга эканини чуқур мамнуният билан таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бугунги саммитнинг энг муҳим натижаси бўлганини қайд этди. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, мазкур ҳужжат ҳамкорликни чуқурлаштириш, бу борада мавжуд имкониятларни кенгайтириш ҳамда муштарак келажакни барпо этишга бўлган биргаликдаги интилишнинг ифодасидир.
Ташриф доирасида иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали механизмига айланган Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон иқтисодиёти барқарор ривожланиб, халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий ерлари қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этди.
Ижтимоий инфратузилмаси жадал барпо этилиб, ҳудудида янги иш ўринлари яратилаётган Қорабоғни қайта тиклаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
– Озарбайжон – ишончли иттифоқчимиз, стратегик шеригимиз ва бизга қардош давлат. Муносабатларимиз замирида ягона цивилизацион код – муштарак тарихий илдизлар, кўп асрлик дўстлик, ўхшаш маданият ва анъаналар мужассам, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Саммитга жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилгани таъкидланди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, Ҳудудлар форуми самарали ўтказилди.
Музокаралар давомида Президентлар кўп қиррали муносабатларнинг барча жабҳаларини атрофлича муҳокама қилиб, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг асосий йўналишлар бўйича ахборотларини тингладилар.
Булар, аввало, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, маданият ва бошқа соҳалардир.
Томонлар сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, парламентлар ва ҳукуматлар, тармоқ идоралари ҳамда ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
Асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бугун ушбу муҳим маррага эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган тегишли дастур қабул қилинди.
Саноат кооперациясида янги ўсиш нуқталари белгиланди.
Мазкур ташрифга тайёргарлик доирасида энергетика, геология, кимё, қурилиш, молия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳаларининг салмоқли тўплами шакллантирилди.
Ушбу лойиҳаларни илгари суришда бир неча йил аввал ташкил этилган Инвестиция жамғармаси муҳим ўрин тутмоқда.
Ҳудудлар имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш бўйича келишувга эришилди. Шу мақсадда жорий ойда Тошкент шаҳри, Бухоро ва Наманган вилоятлари ҳокимлари Озарбайжонда бўлдилар.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – транспорт-транзит соҳаси, хусусан, Транскаспий коридорини биргаликда ривожлантириш, логистика инфратузилмаси самарадорлигини ошириш ва юк ташувларини рағбатлантириш.
Икки халқ ўртасидаги яқин маданий-гуманитар алоқалар ишончли дўстлик кўприги вазифасини ўтамоқда.
Бугун Низомий Ганжавий номидаги Педагогика университетининг янги биноси очилади, Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишлари бошланади.
Йил якунига қадар Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ҳамда Озарбайжонда олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми ўтказилади.
Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг адабий меросига бағишланган қўшма бадиий фильм суратга олиниши мамлакатларимизнинг маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлади.
ФИФА қарорига кўра, келаси йили Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилиши таъкидланди.
Ушбу йирик спорт тадбири доирасида кенг кўламли “Икки мамлакат – бир чемпионат” дастурини амалга оширишга келишиб олинди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида озарбайжонлик ҳамкасбига таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу тарихий ташриф якунлари ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан бойитиб, қўшма лойиҳалар ва икки қардош мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун янги уфқлар очишига ишонч билдирди.