Сенат ёнғин хавфсизлигини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат ёнғин хавфсизлигини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Ёнғин хавфсизлиги тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёнғинлар профилактикаси ва давлат назорати тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган бўлса-да, ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Хусусан, 2025 йилда республика бўйича 11 241 та ёнғин содир бўлиб, улар натижасида жисмоний ва юридик шахсларга 249,2 миллиард сўм зарар етказилган. Ёнғинлар оқибатида 82 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Амалдаги қонунчиликда ёнғин хавфсизлиги соҳасида комплекс ҳуқуқий, ташкилий ва профилактик чора-тадбирлар ва механизмлар тўлиқ яратилмаганлиги, айрим ҳуқуқбузарликлар учун эса жавобгарликларнинг белгиланмаганлиги ушбу соҳадаги қонунчиликни тубдан такомиллаштириш зарурлиги юзага келган.
Шу боис, муҳокама қилинган Қонун билан ёнғин хавфсизлиги соҳасида мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган муҳим нормалар жорий этилмоқда.
Жумладан, шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартибига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорларининг учинчи шахслар ҳаёти ва соғлиғига ёнғин натижасида етказилган зарар учун фуқаролик жавобгарлигини ҳамда ушбу объектларни ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш тизими жорий этилмоқда.
Қонун билан ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари, бинолар ва иншоотларга қўйиладиган минимал техник талаблар, ёнғин аудитини ўтказиш тартиби ҳамда лойиҳа ташкилотлари, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ва бошқа масъул субъектларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонуннинг амалга киритилиши ёнғинларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш, давлат ёнғин назорати тизимини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ишончли муҳофаза қилиш ҳамда мол-мулк дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.