Ўзбекистон ва Қозоғистон ер ости сувларини муҳофаза қилиш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Қозоғистон ер ости сувларини муҳофаза қилиш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 1 июль куни Тошкент шаҳрида БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг Сув конвенцияси кўмагида Тошкентолди трансчегаравий сувли қатламини муҳофаза қилиш ва ундан барқарор фойдаланиш масалаларига бағишланган Ўзбекистон ва Қозоғистон экспертларининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Унда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, халқаро ташкилотлар ҳамда гидрогеология соҳаси мутахассислари иштирок этиб, Тошкентолди трансчегаравий ер ости сувлари бўйича амалга оширилаётган лойиҳа юзасидан фикр алмашдилар.
Ҳамкорликни янада ривожлантириш, Англашув меморандумини тайёрлаш ҳамда БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида трансчегаравий сув соҳасидаги ҳамкорликни баҳолаш кўрсаткичларини қўллаш масалалари муҳокама қилинди.