Ўзбекистон

Самарқандда ШҲТнинг хавфсизлик бўйича илк эксперт мулоқоти ўтказилади

Самарқандда ШҲТнинг хавфсизлик бўйича илк эксперт мулоқоти ўтказилади
Самарқандда ШҲТнинг хавфсизлик бўйича илк эксперт мулоқоти ўтказилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 5–6 ноябрь кунлари Самарқандда хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТнинг илк «ШҲТ плюс» эксперт мулоқоти бўлиб ўтади. Учрашув иштирокчилари рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилади.

Тадбир Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов раислигида ўтказилади.

Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар махсус хизматлари раҳбарлари ва вакиллари, кузатувчи мамлакатлар ҳамда мулоқот бўйича ҳамкорлар, халқаро ташкилотлар ва таклиф этилган меҳмонлар иштирок этади. Жами 24 та давлат ва бешта халқаро тузилмадан 33 та делегация қатнашиши кутилмоқда.

Муҳокамаларнинг асосий мавзуси «Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш» деб номланган. Иштирокчилар илғор технологиялар ва сунъий интеллектнинг замонавий хавф-хатарлар ҳамда хавфсизликка таҳдидлар хусусиятига таъсири юзасидан фикр алмашади.

Экспертлар мулоқоти форматидаги учрашувни ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли. У мазкур таклифни илк бор 2024 йилда Остонада бўлиб ўтган ШҲТ саммитида илгари сурган.

2025 йилда Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида биринчи учрашувни Самарқандда ўтказиш таклиф этилган эди.

Мулоқот якунлари бўйича делегациялар раҳбарлари рақамли трансформация шароитида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликнинг аниқ вазифалари ва устувор йўналишларини белгилашни режалаштирмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.