Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрида яшил ҳудудлар сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, иссиқ иқлим шароитида дарахтлар, сув ҳавзалари ва сояли ҳудудлар аҳоли ҳаёт сифатига бевосита таъсир қилади.
Мирзиёева Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида барпо этилиши режалаштирилаётган бўлажак боғ ҳудудини кўздан кечирди. Бу ерда кўл ва яшил ҳудудлар барпо этиш, шунингдек, сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш, оилавий дам олиш ва болалар билан ҳордиқ чиқариш учун жойлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Мирзиёеванинг сўзларига кўра, бундай ҳудудларни пойтахтнинг барча туманларида ташкил этиш зарур. У, шунингдек, боғлар сонини кўпайтириш, мавжуд яшил ҳудудларни сақлаш ва янги экологик тоза массивларни барпо этиш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг таъкидлашича, яшил инфратузилмани ривожлантириш Тошкент тараққиётининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.