Рақобат қўмитаси банк хизматлари рекламасида қонунбузилишларни аниқлади
Рақобат қўмитаси банк хизматлари рекламасида қонунбузилишларни аниқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси молиявий хизматлар рекламаси тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузгани учун қатор тижорат банклари ва микромолия ташкилотларига нисбатан иш қўзғатди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар қилди.
Қўмита маълумотларига кўра, ижтимоий тармоқлар, интернет ва оммавий ахборот воситаларида қонунчилик талабларини бузган ҳолда тарқатилаётган реклама материалларининг салмоқли қисми айнан молия соҳасига тўғри келади. Идоранинг таъкидлашича, бундай рекламалар кўпинча ишончсиз ёки истеъмолчиларни чалғитувчи маълумотларни ўз ичига олади.
Хусусан, омонатлар ва кредитлар рекламасида кўп ҳолларда фоиз ставкалари, мижозлар учун минимал талаблар ҳамда таклифларнинг амал қилиш муддати ҳақидаги маълумотлар келтирилмайди. Қўмита қайд этишича, микрозаймлар рекламасида эса воситачилик, суғурта ва бошқа мажбурий тўловлар кўпинча очиқланмайди. Бундан ташқари, айрим реклама берувчилар маҳсулотларнинг муҳим шартларини жуда қисқа, ноаниқ ёки қабул қилиш қийин бўлган шаклда баён қилади.
Идора, шунингдек, рекламада икки маъноли иборалар, муболағалар, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг товар белгилари ва номлари билан боғлиқ сўзлар ҳамда белгилардан фойдаланиш ҳолатларини ҳам аниқлади. Қўмита фикрича, бундай амалиёт истеъмолчиларнинг молиявий маҳсулотлар ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш ҳуқуқини бузади.
Қўмита «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасига мувофиқ, реклама берувчилар молиявий хизматлар кўрсатиш бўйича шартномаларнинг муҳим шартларини ошкор қилиши шартлигини, шунингдек, истеъмолчиларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ва уларнинг тажрибаси ёки билимлари етишмаслигидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш тақиқланганини эслатди.
Идора маълумотига кўра, сўнгги вақтларда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузгани учун 20 дан ортиқ тижорат банклари ва микрокредит ташкилотларига нисбатан молиявий санкциялар қўлланилган.
Қўмита бозор иштирокчиларини молиявий хизматлар рекламасида таклиф шартларини яширин матн, ўқиш қийин бўлган майда шрифт ёки маълумотларни қабул қилишни қийинлаштирадиган ранглардан фойдаланмасдан, тўлиқ, ишончли, тушунарли ва очиқ шаклда тақдим этишга чақирди.