Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Озарбайжон элчисини қабул қилди

UzDaily таҳририяти · 07.07.2026 · 22:10 · 20 views
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Озарбайжон элчисини қабул қилди

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Озарбайжон элчисини қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 7 июль куни мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳусайн Гулиевни қабул қилди.

ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида маълум қилишича, учрашув давомида дипломатга Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирилди. Ҳусайн Гулиев республикада 14 йил давомида фаолият юритган.

Вазирнинг таъкидлашича, Ҳусайн Гулиев ўз фаолияти давомида нафақат Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги вакили сифатида, балки дипломатик корпус дуайени сифатида ҳам катта ҳурматга сазовор бўлган.

Бахтиёр Саидов элчининг Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги хизматлари мамлакатда юксак баҳоланганини қайд этди. У кўп йиллик самарали фаолияти эътирофи сифатида «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган.

Вазир Ҳусайн Гулиевга икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги самарали меҳнати учун миннатдорлик билдириб, унга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳусайн Гулиевни қабул қилиб, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун уни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирлаган.