Ўзбекистон ва Гвинея-Бисау ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Гвинея-Бисау ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Гвинея-Бисау Республикаси ташқи ишлар, халқаро ҳамкорлик ва ҳамжамиятлар вазири Фатумата Жау билан телефон орқали мулоқот қилди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг маълум қилишича, суҳбат чоғида икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўйиш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вазирлар, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.
Телефон мулоқоти якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ва Гвинея-Бисау ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган фаол мулоқотни давом эттириш ниятини тасдиқладилар.